Cара уруғ - мўл ҳосил гарови!

Пахта экинидан мўл ҳосил олишда, аввало, ерга қадаладиган уруғлик чигитининг сифати муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, уруғлик чигитини тозалаш, саралаш, туксизлантириш ва қишлоқ хўжалик зараркунандалари ва касалликларига қарши дорилаш ишларига катта эътибор берилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги 2017 йил 15 сентябрда қабул қилинган ПҚ-3281-сонли қарорига мувофиқ, “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамияти тизимида ҳам бу борадаги ишлар тизимли равишда йўлга қўйилган.

Қарорга асосан 91 минг 800 тонна уруғлик чигитини тозалаш-саралаш, 24 минг 800 тоннасини туксизлантириш ва 70 минг 500 тоннасини дорилаш белгиланган.

“Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг тавсиясига кўра, ишлаб чиқарувчи корхоналари билан тузилган  шартномаларга асосан уруғлик чигитларни дорилашда талаб этиладиган қоғоз қоплар, кимёвий препаратлар уруғлик чигит тайёрлаш корхоналарига тўлиқ етказиб берилди.

Шунингдек, тайёрланаётган уруғлик чигитларининг сифат кўрсаткичлари доимий назоратга олинган бўлиб, тайёрланган уруғлик чигит намуналари графиклар асосида лаборатория таҳлили учун “Ўздавуруғназоратмарказ”ига етказилиб, чигитнинг экишга яроқлилиги тўғрисидаги “Мувофиқлик сертификат”лари тўлиқ олинди.

Бугунги кунда тизимдаги 34 та ихтисослаштирилган уруғлик чигит тайёрлаш цехларида 2018 йилги пахта ҳосили учун 98,2 минг тонна (106,9 фоиз) уруғлик чигити тозалаб-сараланди, 25,8 минг тонна (104 фоиз) чигит туксизлантирилиб, 72,4 минг тонна (102,7 фоиз) сара уруғлик чигит тайёрланди. Истиқболли ҳамда юқори авлодли уруғлик чигитлари фермер хўжаликларига етказиб берилмоқда”, дейди “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятининг Пахта хомашёсини тайёрлаш ва ҳисобга олиш бошқармаси бошлиғи Жўрақул Бобоев.

Бу ишларни сифатли бажариш мақсадида уруғлик чигитини фермер хўжаликларининг даласигача етказиб берувчи 759 та шахобча ташкил этилди ва керакли ишчи-ходимлар бириктирилиб, транспорт воситалари, зараркунандаларга қарши  кимёвий препаратлар, чигит намлаш ва ивитиш хандаклари билан таъминланди.

Республика ҳудудларида чигит экиш ишлари бошланган бўлиб, 2018 йил 16 апрель ҳолатига кўра, 967 минг гектар пахта майдони учун 54 минг 401 тонна уруғлик чигити нави ва авлодлари бўйича етказиб берилди.

Шунингдек, тегишли қарорга мувофиқ жорий йилда “Ўзпахтасаноат” АЖ томонидан пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш ташкилот(кластер)ларига 8725 тонна уруғлик чигитини етказиб бериш белгиланган. Мазкур ташкилотлар эхтиёжидан келиб чиқиб, ҳозирга қадар 6841 тонна уруғлик чигити билан таъминланди.

Албатта, белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши пахтадан юқори ҳосил олинишига гаров бўлади.

 

                                        “Ўзпахтасаноат” АЖ Матбуот хизмати